Қутлов! ТУМАНДОШИМИЗ АНВАР ХУДОЙҚУЛОВ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА ФАХРЛИ 2-ЎРИННИ ЭГАЛЛАДИ

  Жорий йилнинг 16-20 ноябрь кунлари Сирдарё вилоятида спортнинг белбоғли, белолиш ҳамда уч кураш турлари бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда жаҳоннинг 15 тадан зиёд давлатлари иштирок этди. Россия, Озарбайжон, Грузия, Молдова, Тожикистон, Эрон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Руминия, Болгария, Арманистон, Япония, Туркманистон ҳамда мезбон Ўзбекистон давлатлари қатнашди.
  Жаҳон чемпионатида Самарқанд вилоятидан Оқдарё туман спортчилари – ака-ука Худойқуловлар ҳам муносиб қатнашдилар. Муросасиз кечган беллашувларда мутлоқ вазнда Оқдарё спорт мактаби мураббийи Анвар Худойқулов финалгача етиб бориб, Жаҳон чемпионатида фахрли 2-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
  Анвар Худойқулов финалгача босиб ўтган беллашувларда Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Тожикистон, Руминия давлатларини мағлуб этиб, финалга йўл олди. Финал баҳсида Эрон ислом республикаси спортчисига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, Жаҳон чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллади. 
   Жаҳон чемпионатида  иштирок этишда бевосита амалий ёрдам берганлиги учун Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратовга Самарқанд вилоят Белбоғли, Белолиш ва Учкураш Ассоциацияси ўз миннадорчилигини билдирди.
   Биз ҳам туманимиз спортчиси Анвар Худойқуловни эришган улкан ютуғи билан самимий муборакбод этиб, унинг келгусидаги ишларида зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!
                                                           Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: