НЕГА ИХТИЁРИЙ ОБУНА КАМ?

Фалончи айтди, фалон газетага обуна бўларканмиз… Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак, бугун бу  ибора нафақат давлат ташкилотлари ходимларини, балки матбуотчиларни  ҳам бош қашлашга мажбур қилмоқда. Сабаби, босма нашрлар сероб, обуначилар эса ўша-ўша.

Обуна мавсуми бошланиши билан ҳар бир газета-журнал ўз маҳсулотини тарғиб қилишга тушади. Сир эмаски, босма оммавий ахборот воситалари асосан обуна, реклама ва тижорат мақолалари ҳисобидан молиялаштирилади. Қайсидир амалдорнинг ёки ташкилот раҳбарининг аралашуви билан амалга  оширилган обунани ҳисобга олмасак, ихтиёрий обуналар жуда  камчиликни ташкил этади.

Иқтисодчилар таъбири билан айтганда, маҳсулот харидорчилар эмас, демак у сифатсиз. Яхши маҳсулот шундоқ ҳам  қўлма-қўл бўлиб кетади. Тўғри, маҳсулотни  сифатсиз дейиш, ўта нисбий тушунча. Нашрлар ичида ёритилган мавзулар долзарб бўлиши, ҳеч бир имловий ёки  услубий хатолар учрамаслиги мумкин. Аммо керакли маълумот бўлмаса, газета ёки журнални харидор сотиб олмайди. Ёхуд газетани ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ муаммо борми, демак ўқитувчининг таъби хира бўлиши табиий. Зеро, ахборот асрида бугунги маълумот кун ўтмай янгиланади. Эскирган гапни сотиб олиш кимга ёқарди?

Босма нашрлар ҳаддан зиёд кўп. Масалан, ўқитувчини тиббиёт, спорт, ҳуқуқ, сиёсат, қурилиш ёки иқтисод соҳасига  оид газеталарга обуна бўлишга ундашади. Табиийки харажатлар ортиб, у ўзи истаган нашрга обуна бўлишга шошилмайди. Тан олиш керак, кўпгина  давлат ташкилотлари ўз ходимларини фаолиятига алоқаси бўлмаган нашрларга ҳам  обуна бўлишга даъват этаверади.

Дарҳақиқат, бугун ихтиёрий тарзда обуна бўлиш жуда кам учрайди. Боиси, маҳсулот сифати замон талабларига жавоб бермайди. Биринчидан, моддий база ачинарли ҳолатда, иккинчидан саҳифаларда ўз йўналишига алоқаси бўлмаган мақолалар сероб, учинчидан, нашрни обуначиларга ўз вақтида етказиб бериш борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Мазкур муаммо ўз-ўзидан вужудга келмаган, албатта.

Ниманинг ҳисобига нарх қиммат?

Маълумки, аксарият нашрлар чоп этиш харажатларини айнан обуна  билан қоплайди.  Боз устига етказиб берувчи ташкилотларнинг газеталарга қўшимча нарх белгилаши обуначи учун  қимматга тушиши тайин. Обуна камлиги боис, таҳририят етказиб бериш харажатларини  обунадан қоплашга мажбур. Бироқ, айрим ғарб  мамлакатларида етказиб бериш таҳририятнинг зарарига ишлайди. Нархларни арзонлаштириш мақсадида мазкур чора-тадбирлар обуна сонини ошириш ва реклама берувчилар эътиборини  қозонишга қаратилган. Аниқроғи, Европа матбуотида таҳририятлар нашрни етказиб бериш харажатларини реклама ва эълонлардан тушган маблағлар ҳисобидан қоплайди.

Польша Республикаси аҳоли сони ва иқтисодий жиҳатдан мамлакатимизга анча яқин. Мамлакатда матбуот соҳаси яхши ривожланган. Биргина WPГOST ҳафталик  газетасини  2 миллиондан зиёд обуначи ўқир экан. Обуна миқдорининг кўплигига сабаб нархи арзон ва газетани етказиб бериш хизмати мамлакат миқиёсида жуда сифатли ташкил этилган.

Ривожланган хорижий давлатларда бугун чиққан газета 2-3 соатда  обуначи қўлига етиб боради.

Сўзимиз аввалида айтиб ўтганимиздек, ҳозирги аксарият нашрлар учун обуначилар ўша-ўша. Очиқроқ айтганда, газета-журналлар обунаси учун фақат давлат ташкилотлари ходимлари ёки таҳририят эмас, балки ҳар бир зиё изловчи шахс масъул эканлигини унутмаслигимиз керак. Дейлик, туманимизда қарийб 160 минг аҳоли бўлса шундан  бир минги ҳам туманимиз кўзгуси бўлган “Оқдарё овози» газетасига обуна эмаслигига сабаб, обуначиларнинг аксарияти давлат ташкилоти ходимлари эканидир. Мустақил обуначилар эса бармоқ билан санарли.

Айниқса, туманимизнинг ягона нашри бўлган «Оқдарё овози» газетасини, мавқеини кўтариш ва 2021 йил обуначилар сонини оширишга ҳар бир зиё изловчи инсон масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.

Шавкат ҚУРБОНОВ,

 ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид: